Астанада Бўтай маданиятига бағишланган кўргазма очилди

Астанада Бўтай маданиятига бағишланган кўргазма очилди

Астанада бўлиб ўтган кўргазма фақат қозоқ замини эмас, бутун турк олами учун муҳим рамзлардан бирига бағишланди. Шимолий Қозоғистон вилоят музей бирлашмаси фонди ва пойтахт Президент марказидан олинган нодир экспонатлар сўнгги неолит даврига хос Бўтай манзилгоҳида яшаган одамларнинг ўзига хос турмуш тарзини кўрсатиб беради. Экспозиция  ўзининг жанр хилма-хиллиги билан чинакамига ҳайрон қолдиради. Бу ерда қозоғистонлик ва хорижлик мусаввирларнинг 50 га яқин ижодий ва пленэр асарлари ўрин олган.


Қўшимча равишда профессор Виктор Зайберт гуруҳи томонидан 1980 йилда мамлакатимиз шимолида топилган қадимги археологик ёдгорлик ҳақидаги фото ва видеоматериаллар намойиш этилди. Қимматли артефактлардан ташқари, амалий-безак санъати усталари яратган маҳсулотлар, шунингдек, қадимий ишлаб чиқариш майдончаси реконструкциясидан иборат интерактив зона ҳам тақдим этилди. Таъкидлаймиз, «Бўтай – Буюк Дашт маданияти» кўргазмаси «Қозоғистон йўли» маданий-таълимий лойиҳасининг бир қисми саналади. Ундан мақсад мамлакат тарихий меросини оммалаштириш.

Кўргазма шаҳар аҳли ва меҳмонлари учун 11 мартга қадар ишлаб туради

Абдумалик Сарманов таржимаси.