Хорижлик рассомларнинг 18 картинаси Миллий музейга совға қилинди

МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари рассомларининг 18 та асари Республика Миллий музейи жамғармасига киритилди. Полотнолар Рассомлар уюшмасининг 90 йиллигига бағишланган кўргазмада намойиш қилинди. Экспозиция бир ой давомида пойтахт аҳли ва меҳмонларига хизмат қилди. Натижада, 30 минг нафардан зиёд фуқаро мамлакатимиз ва хориж давлатлари мўйқалам усталари ишларини томоша қила олди.

Ўмирбек Жуманиязов, Қозоғистон Республикаси рассомлар уюшмаси бошқаруви раиси:

- 90 йилликда халқаро кўргазма бўлишини истаган эдим, турли республикалардаги ҳамкасбларга қўнғироқ қилдим, улар ғоямизни қўллаб-қувватлади. Литва, Украина, Белоруссия, Молдавия, Грузия, Озарбайжон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Бурятия ва ҳатто Канададан иштирокчилар келди. Ҳаммаси қатнашди. Маҳаллий рассомлардан сўнгги 2 йилда чизилганларини талаб қилдик, яъни, 2022-2023 йил картиналарини. Хорижликларга чеклов қўйилмади.  

Ушбу ўзига хос экспозицияга жами 226 муаллифнинг 270 асари киритилди. Услублар, усул ва йўналишлар хилма-хиллиги томошабинни лол қолдиради. Улар қаторида модерн ҳам, классик ва график асарлар ҳам, портретлар ҳам, натюрмортлар ҳам, текстура, намат ва қуроқ полотнолар ҳам бор. Ғаройиб инсталляция ва ҳайкаллар қўйилди.  Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Қозоғистон Рассомлар уюшмасида 1 минг 200 ижодкор бор, улар дунё бўйлаб ҳар йили асарларини намойиш қилади.

Батеш Ақпасова, Қозоғистон Республикаси миллий музейи жамғармалар хизмати раҳбари:

- Музей ташкил этилган дастлабки кунлардан биз рассомлар билан елкама-елка ишладик. Уларнинг ижодини залларимизда намойиш қилдик, экспозицияларда ноёб асарларини тақдим этдик. Рассомлар уюшмаси билан ҳамкорлигимиз сабабли музейимиз жамғармаларида тенгсиз асарлар тўпланди.  Улар қаторида тасвирий санъат, графика, инсталляция, маданият дурдоналари бор. Жами, 5 мингдан зиёд тасвирий санъат намунасига эгамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.