Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро савдони кенгайтиради

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро савдони кенгайтиради

Қозоғистон ва Ўзбекистон умумий қиймати бир миллиард долларни ташкил қилувчи 21 та лойиҳани рўёбга чиқариш ниятида. Томонлар саноат кооперациясида салмоқли ютуқларга эришди. Бу борада 156 миллион доллар сармоя сарфланган 12 та лойиҳа ишга туширилди. Астанада икки давлатнинг ташқи ишлар вазирлари савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. Сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 4 миллиард доллардан ошгани таъкидланди. Бу кўрсаткич 10 миллиард долларга етиши кутиляпти. Саноат кооперацияси халқаро марказининг ишга тушиши кўзланган мақсадга етишга ёрдам беради. Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида бунёд этиладиган бундай улкан мажмуа қурилиши жорий йилда бошланиши кутилмоқда. Вазирлар минтақа сув-энергетика мажмуаси бўйича ечимлар, икки республика транзит салоҳиятини оширувчи янги темирйўллар қурилиши лойиҳаларини муҳокама қилди. 

 

Мурат Нуртлеу, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири:  

 

- Биз Ўзбекистон юк ташувчилари учун чегараоша транзитни осонлаштириш бўйича катта ишларни амалга оширишда давом этамиз. Бу ишларимиз халқларимизнинг асл манфаатларига хизмат қилади, деб ўйлайман. Чегарани кесиб ўтиш жойларини кўпайтириш, янги йўллар қуриш каби кўплаб аниқ масалаларни муҳокама қилдик. 

 

Бахтиёр Саидов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири:  

 

- Мамлакатларимизнинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш  олдимиздаги долзарб вазифалардан. Биз  чегара ҳудудларида жойлашган назорат ўтказиш  пунктларини модернизациялаш, уларнинг ўтказиш имкониятларини кенгайтириш, божхона ва бошқа хизматларни  рақамлаштириш масалаларига тўхталиб ўтдик. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.