Қозоғистонда академик Қаниш Сатпаевнинг 125 йиллиги кенг нишонланади

Қозоғистонда академик Қаниш Сатпаевнинг 125 йиллиги кенг нишонланади

Жорий йилда Қаниш Сатпаевнинг 125 йиллиги нишонланади. Биринчи қозоқ академигининг юбилейи шарафига республикада кенг кўламли тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Уларнинг кўп қисми буюк геологнинг ватанида ўтказилиши режалаштирилган. Павлодар вилоятида кўчма кўргазма иш бошлади. Экспозицияда олимнинг шахсий буюмлари – алгебра дарслиги, ҳужжатлари, минерал тошлар тўплами, костюми қўйилган. Жами ўттизтача предмет бор. Қаниш Сатпаевнинг мемориал музейида эса мингдан зиёд экспонат мавжуд. Олим умри давомида Қозоғистон заминини ўрганиш билан шуғулланган. У кўплаб мис, темир рудалари ва титан конларини очган. Шунингдек, Қозоғистон ССР Фанлар академиясини ташкил қилган, ортидан катта илмий ва маданий мерос қолдирган.

 

Қаиргельди Абилғазин, Қ. И. Сатпаев мемориал музейи раҳбари:

- Қаниш Имантаевич Сатпаев номли мемориал музей 1964 йилда Алмати шаҳри политехника институти талабалари томонидан жамоатчилик асосида Баянаул қишлоғида очилди. Улар «Қанақасига Сатпаевнинг ватанида унинг музейи бўлмаслиги мумкин!» дейишган. Музей ташкил қилишган, оиласи билан боғланишган. Нарсаларини келтиришган.

 

Сансизбай Сапарғалиев, Қ. И. Сатпаев мемориал музейи ходими:

- Қаниш Сатпаев дароз киши эди. 190 сантиметрдан баланд. Айтишларича у  Совет делегацияси таркибида Англияқга борган. Ўшанда Уинстон Черчилль олимга завқ билан қараганича: «Ҳамма қозоқлар сиз каби полвонкелбат, бўйи баландми?» деб сўраган экан. Қаниш Имантаевич дарҳол жавобини берган: «Йўқ, менинг халқим мендан анча баланд». Бу сўзлар тарихга кирган.

 

Таъкидлаш лозимки, кўчма кўргазма Қозоғистоннинг бошқа минтақаларига ҳам йўл олади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.