АСМ: 22 миллиард тенгелик 17 та инвестиция лойиҳаси

АСМ: 22 миллиард тенгелик 17 та инвестиция лойиҳаси

Агросаноат мажмуасига маблағ киритиш рекорд даражани кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 11 ойида ушбу соҳага тахминан 660 миллиард тенге сарфланган, бу ўтган йилга нисбатан 40 ярим фоиз кўп. Мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазири Ербўл Қарашукеев Ҳукумат мажлисида соҳани ривожлантириш истиқболлари ҳақида ахборот берди. Унинг айтишича, агросаноат мажмуасини ривожлантириш Йўл харитаси доирасида 2021-2025 йилларда умумий қиймати 4 триллион 400 миллиард тенге бўлган инвестиция лойиҳалари пакети тузилган. Инвестицияларнинг деярли ярми - 2 триллион тенге миқдорида республикада гўшт тайёрлаш ва иссиқхоналар қурилишига йўналтирилган. Шунингдек, энг аввало, мамлакатда бўрдоқичилик майдончалари, репродукторлар, сўйиш цехлари ва гўштни қайта ишлаш корхоналарини жадал ривожлантириш мўлжалланмоқда. Сут чорвачилигига келсак, ушбу йўналишда 186 та лойиҳага 452 миллиард тенге инвестиция киритилади. Республикада, шунингдек, 47 та паррандачилик фабрикаси очилиши, ўсимлик маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган 73 та лойиҳа ишга туширилиши кўзланяпти. Бундан ташқари, 5 йил ичида шакар таъминоти 80 фоизга етказилади. Бунга 220 миллиард тенгедан зиёд маблағ сарфланади.

Ербўл Қарашукеев, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири:

- Тасдиқланган Йўл харитасига мувофиқ, жорий йил 11 ойида 2021 йилга мўлжалланган 263 миллиард тенгелик 285 та лойиҳадан 268 таси фойдаланишга топширилган, умумий суммаси 241 миллиард тенгени ташкил этади, ҳокимликлар берган маълумотга кўра, йил охиригача 22 миллиард тенгелик 17 та лойиҳа амалга оширилиши кўзланган. Рўёбга чиқарилган лойиҳалар борасида Шимолий Қозоғистон, Қўстанай, Шарқий Қозоғистон, Ақмўла, Қарағанди вилоятлари етакчи. 2021 йилда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ижроси 94 фоизни кўрсатди.

Хуршида Абдуллаева таржимаси