Қозоғистон ва Грузия ўртасида ҳамкорлик кенгаяди

Қозоғистон ва Грузия ўртасида ҳамкорлик кенгаяди

Қозоғистон Грузияга нефть маҳсулотлари, дон, алюминий, ферроқотишмалар ва рельслар экспорт қилади. Қўшни мамлакатдан эса чой, юк ва трамвай вагонлари, бошқа маҳсулотлар келтирилади. Сўнгги 15 йил давомида икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 150 фоизга кўтарилди. Ўтган йилнинг ўзида у 2020 йилга нисбатан 30 фоизга кўтарилди. Аммо бу сўнгги нуқта эмас. Тбилисида ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинишича, сиёсий барқарорлик стратегик, иқтисодий алоқалар ривожланиши ва ҳамкорлик доираси кенгайишига сабаб бўлди. Қозоғистон элчиси грузин жамоатчилигини Қозоғистонда вазиятни барқарорлаштириш учун кўрилган чора-тадбирлар, ўтказилаётган янги ислоҳотлар билан таништирди, январь воқеалари давомида берилган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.

Бауржан Мухамеджанов, Қозоғистоннинг Грузиядаги элчиси:

- Ўша мураккаб кунларда Грузияда 700 нафар одам Қозоғистонга учиб кетолмай қолди. Шунда грузинлар, оддий одамлар уларга қўлдан келганча ёрдам кўрсатди, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Самолётлар уча бошлагач ҳамюртларимиз қайтиб кетишди. Бу эса халқларимиз, Грузия ва Қозоғистон ўртасида дўстлик алоқалари мавжуд бўлгани ва шундайлигича қолаверишини яна бир марта исботлади.

Георгий Жахуташвили, Қозоғистон-Грузия Иқтисодий бирлашмаси бошқаруви раиси:

- Биз 2022 йил янада катта ўсиш кузатиладиган йил бўлади, деб ҳисоблаймиз. Анъанавий бозорлар, масалан, нефть билан боғлиқ бўлмаган кўплаб йўналишларда тадбирлар кўзда тутилган. Масалан, Қозоғистон ва Грузиянинг дон ва бошқа қатор экспорт маҳсулотлари тақдим этилмаган ҳисоб. Шунинг учун Грузиядан минерал ва спиртли ичимликлардан бошқа маҳсулотлар ҳам боришини истардик.

Абдумалик Сарманов таржимаси