Россияга қарши санкциялар бизнесга таъсир қилмайди

Россияга қарши санкциялар бизнесга таъсир қилмайди

Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан қўллаган санкциялари Европадаги Қозоғистон бизнесига таъсир ўтказмайди. Бельгия мамлакатлар ўртасида савдо соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга имкон қадар ёрдам кўрсатиш ниятида. Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Тўребаев билан учрашувдан сўнг Брюссель Савдо-саноат палатаси раҳбари Оливье Виллокс шундай баёнот берди. Қозоғистон ҳукумати делегацияси Бельгия Экспортни илгари суриш агентлиги раҳбарияти билан ўзаро фойдали ҳамкорликка оид қўшма тадбирларни муҳокама қилди.

Қайрат Тўребаев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари:

- Ўтган йили Қозоғистон-Европа ўртасида савдо ҳажми 21 фоизга ошди ва 28,9 миллиард долларни ташкил қилди. Биз Европа бозорига чиқарилиши мумкин бўлган, йилига 200 миллион доллар қийматидаги 53 турдаги товарни саралаб олдик. Уларнинг асосий қисмини қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, машина ускуналари ташкил қилади. Асосий вазифа – тайёр маҳсулотни янги бозорларга олиб чиқиш. Чунки хомашё сотишда муаммо йўқ. Европа Иттифоқига нефть етказиб берамиз, бу йўналишда бирор кутилмаган воқеа юз бериши амримаҳол. Санкцияларга келсак, Қозоғистон тўқнашув иштирокчиси эмас, шунинг учун минтақавий ва халқаро мажбуриятларимизни бажарамиз. Асосий вазифа: Европа билан савдо алоқаларини шу суръатда давом эттириш.

Оливье Виллокс, Брюссель Савдо-саноат палатаси раиси:

- Муҳими, биз мамлакатингиз билан ҳамкорликни кенгайтиришда давом этамиз. Пандемиядан кейин бу борада куч сарфлашимизга тўғри келади, чунки мамлакатингизга саёҳат қилиш қийин бўлганди.

Абдумалик Сарманов таржимаси