«Kazakhstan Machinery Fair-2022» кўргазмаси очилди

«Kazakhstan Machinery Fair-2022» кўргазмаси очилди
kmfexpo.kz

Қозоғистонда бўлиб ўтаётган машинасозлик ва металлга ишлов бериш бўйича халқаро кўргазмада 17 давлатдан 250 та компания иштирок этяпти. Тадбир Астанадаги ЭКСПО майдончасида ташкил қилинган. Ягона майдончада Европа, МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари вакиллари жамланган.  Кўргазма павильонларида  машинасозлик, тиббиёт, тоғ-металлургия, кимё ва бошқа саноат соҳалари учун зарур замонавий ва энг янги кашфиётларга асосланган маҳсулотлар тақдим этилган.

Игорь Пасичник, инжиниринг компанияси маслаҳатчиси,  Швейцария:

- Компаниямиз ҳозир Европада ишлатилаётган ноу-хау – технологияларни таклиф этади. Биз қозоғистонлик саноатчиларга ҳар бир корхона даромадини бир неча марта ошириши мумкин бўлган замонавий технологиялар, дастгоҳ ва асбобларни тақдим этамиз,  инжиниринг билан шуғулланамиз. Корхонангизни даромадга олиб чиқишга қодир бўлган мутахассислар жамоасига эгамиз.

Ушбу халқаро компания маҳсулоти, албатта, кўргазма меҳмонлари эътиборини тортади. Энг янги юқори технологик ускуналар МДҲ, жумладан, Қозоғистон бозорларида самарадорлигини кўрсатган. Унинг ёрдамида юқори даражада  аниқликда ишловчи турли деталлар ясаш, импорт ўрнини босиш мумкин. 

Константин Панькин, халқаро дистрибьютер компанияси вакили: 

- Бу машиналарнинг асосий вазифаси – риверс-инжиниринг, улар юқори аниқликда модель яратиш ёки деталларни тиклаб бериши мумкин. Машиналаримиз Қозоғистон давлат реестрига киритилган, бу эса улар давлат стандартларига қанчалик мослигини кўрсатади. Биз буларнинг барчасига катта қизиқиш билан қараймиз. Фаолиятимизга шу қадар эътибор билан қаралаётганидан миннатдормиз. Уларнинг Қозоғистон бозори учун, бизнеси, корхоналари, мудофаа саноати ва бошқалар учун муҳимлиги шубҳасиз. 

Тадбир ташкилотчилари таъкидлашича, кўргазма майдончасида қатнашчилар нафақат ўз маҳсулотини тақдим этади, балки бизнес-ҳамкорлар топади, фойдали контактларни алмашади, уларда маҳсулотни ривожлантиришга оид янги ғоялар туғилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.