Миллий иқтисодиёт вазирлиги тараққиёт сценарийсини тақдим этди

Миллий иқтисодиёт вазирлиги тараққиёт сценарийсини тақдим этди

Мажилисда келгуси беш йил учун Қозоғистон иқтисодиёти тараққиёти сценарийси тақдим этилди. Прогнозга кўра, келгуси йилда инфляция 7,5 - 9,5 фоиз, 2024 йилда 4-5 фоиз ва 2025-2027 йилларда 3-4 фоизни ташкил қилади. Ялпи ички маҳсулот ўсиши 2023 йилда 4 фоизга, 2027 йилда 4,2 фоизга кўтарилади. Ялпи ички маҳсулот миқдори 120,7 триллион тенгедан салкам 177 триллионгача кўтарилади. Нефть қазиб олиш кўпаяди. Беш йилдан сўнг йиллик миқдор 100 миллион тоннадан ортади. Миллий иқтисодиёт вазири шундай рақамларни келтирди.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Республика бюджети ва Миллий жамғарма параметрларини шакллантиришда Давлат раҳбари томонидан тежамли ва масъулиятли бюджет сиёсати юритиш концепцияси рўёбга чиқарилди. 2023-2025 йил республика бюджетини тайёрлаш давомида даромад базасини тўлдирувчи янги манбалар ишлаб чиқиш ва бюджет харажатларини устувор йўналишларга жамлашга йўналтирилиши белгилаб олинди. Ҳукумат томонидан даромад базасини кенгайтириш ва солиқ тўплашни яхшилаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар, шунингдек, соядаги иқтисодиётни қонунийлаштириш ҳисобига республика бюджети тўлдириб борилиши таъминланиши кўзда тутилган.

Вазир «2023-2025 йилларда Миллий жамғарма томонидан кафолатланган трансферт тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Депутатлар ҳужжатни маъқуллади.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Қонун лойиҳасида Бюджет кодексдаги янги талаблар кўзда тутилган. Миллий жамғармадан кафолатланган трансферт янги бюджет қоидасига кўра чекланган, унда нефть нархидан чегирмалар олиш ҳисобланган, прогнозларга кўра, Миллий жамғармага нефть соҳаси ташкилотларидан тушаётган бевосита солиқ миқдоридан ортмайди. Қонун лойиҳасига кўра, нефть даромадидан маблағ ажратиш кўрсаткичи 2023 йил учун баррелига 48,9 АҚШ доллари қилиб кўрсатилган. 2024-2025 йиллар учун баррелига 42,2-40,3 АҚШ долларига тенг. Шунга мувофиқ, республика бюджетига кафолатланган трансферт 2023 йилда 2,2 триллион тенге, 2024 йилда 2 триллион тенге ва 2025 йилда 1,9 триллион тенгедан иборат бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси