Қозоғистонда 3 миллион тонна балиқ экспорт қилинади

Қозоғистон жаҳон бозорига уч миллион тоннагача балиқ маҳсулотлари юбора олади. Мажилисда бўлиб ўтган Ҳукумат соатида Экология, геология ва табиат захиралари вазири Серикқали Брекешев шундай баёнот берди. Вазир таъкидлашича, 17 та давлат корхонаси Европа Иттифоқи давлатларига балиқ маҳсулотлари экспорт қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Яна 14 таси тегишли ҳужжатлар учун ариза берган. Айни вақтда, мамлакат маҳсулоти Хитой бозорида ҳам тобора кўпроқ харидорини топяпти. Шу давлат билан ветеринария сертификати талаблари мувофиқлаштирилди, давлат реестрида Қозоғистоннинг 64 та корхонаси рўйхатга олинган. Республикада балиқ хўжалигини ривожлантириш учун қонунчиликка қатор ўзгаришлар киритилган. Улар маҳсулотни қайта ишлашни кўпайтириш ва солиқ имтиёзлари берилишини кўзда тутади.

Серикқали Брекешев, экология, геология ва табиий захиралар вазири:

- «Солиқ кодексига ўзгаришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига мувофиқ балиқни қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар учун ҚҚС 70 фоизга қисқаради. Қонун лойиҳаси Парламент Сенатида кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, мамлакат хомашёсидан чуқур қайта ишланган балиқ маҳсулотига субсидия берилиши кўзда тутилган. Қонун лойиҳасини ҳукумат кўриб чиқмоқда.

Серикқали Брекешев таъкидлашича, Экология вазирлиги совутилган ва музлатилган балиқ экспортини тақиқлаш ниятида. Натижада, вазир фикрича, балиқни қайта ишлаш заводлари тўла куч билан ишлаши учун имконият туғилади. Шунингдек, вазир балиқ табиий популяцияси ва унинг табиий яшаш жойларини сақлаб қолиш тўғрисида ҳам иш юритяпти. Биринчи навбатда, браконьерликка қарши кураш давом этмоқда. Бунинг учун жазо кучайтирилди. Жумладан, жарима 20 дан 50 ойлик кўрсаткичига қадар кўтарилган. Такроран юз берган тақдирда 15 сутка қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси