
Ақтўбеда ишлаб чиқариш ривожланяпти
Салкам бир триллион тенге инвестиция. Жорий йилда Ақтўбе вилоятига шунча сармоя киритилди. Келгуси уч йил ичида бу рақам беш ярим триллионгача бориши кутиляпти. Вилоят саноат-инновациявий тараққиёт бошқармаси берган маълумотга кўра, йил охиригача 30 та инвестициявий лойиҳа ишга туширилади.
Вилоятга инвестиция ва инвесторларни фаол жалб этаётганлар орасида «Ақтўбе» зонаси ҳам бор. Беш йил ичида 28 миллиард тенге сармоя киритилган. Бу ерда йирик лангар лойиҳа – керамик плитка ва керамогранит чиқарувчи завод жойлашган. Корхона экспортга йўналтирилган – маҳсулотнинг кўп қисми ташқи бозорларга йўлланади.
Иккиламчи хомашёни қайта ишлаш ва тайёр қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи ҳам лойиҳавий қувватга кўтарилган. Унда йилига йигирма миллион рулон ҳожатхона қоғози, шунингдек, қоғоз сочиқ ва салфетка тайёрланади. Компания Қозоғистонда тенги йўқ янги цехни ишга туширишни кўзлаган. У уч миллиард тенге харажат талаб қилади ва заводни ўз хомашёси билан таъминлайди.
Аслан Шўйбеков, компания директори:
- Целлюлоза ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқчимиз. Бизнес-режа, иқтисодий ҳисоб-китоблар тақдим этилган, ҳозир кўриб чиқиляпти, комиссия тасдиқласа, келаси йил куз ойларига бориб, янги лойиҳа ишга туширилади. Ишни кенгайтирамиз.
Ҳозир «Ақтўбе» саноат зонаси ҳудудида 24 та лойиҳа рўёбга чиқариляпти, 155 гектар майдоннинг ярми эгалланган. Инвестиция жалб этишда устун жиҳат – инфратузилма мавжудлиги, энергия захираларига қуйи тарифлар белгилангани. «Ақтўбе» ижтимоий-тадбиркорлик корпорациясида резидентлар охирига қадар - ариза берганидан бошлаб объект фойдаланишга топширилгунича кузатиб борилади.
Сауле Нуртаева, «Ақтўбе» ижтимоий-тадбиркорлик корпорацияси активлар ва инвестициялар департаменти директори:
- «Ақтўбе» ижтимоий-тадбиркорлик корпорациясига олтита янги компаниядан ариза тушган, жумладан, ўғит, силикат ғишт ишлаб чиқариш, керамик плитка, санитария-гигиена маҳсулотлари, шунингдек, нефть-кимё корхонаси очилади. Жами 97 гектар ер олинади, саноат зонаси ҳудуди бирмунча кенгаяди.
Нефть-кимё реагентлари заводи ишга туширилиш арафасида. Маҳсулотнинг биринчи партияси келгуси йил бошида чиқади. Яқинда бу ерда 12 та корхона иш бошлади. Бу корхоналар кимё саноати, қурилиш материаллари, шина ишлаб чиқариш ва тиклаш соҳаларида иш юритиши режалаштирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси