Қозоғистон-Корея: ўзаро савдо ҳажми 6 миллиард долларга яқинлашди

Қозоғистон-Корея: ўзаро савдо ҳажми 6 миллиард долларга яқинлашди

Қозоғистон ва Корея ўртасидаги савдо алоқалари ҳажми жорий йилда 6 миллиард доллардан ошади. Сеулда Республика кунига бағишланган расмий қабул бўлиб ўтди, тадбир ноябрда ўтказилиши лозим эди. Аммо Итхэвонда юз берган фалокат туфайли кейинга қолдирилди. Анжуманда Қозоғистоннинг Кореядаги элчиси Бахит Дуйсенбаев маълум қилишича, йилнинг биринчи ярмида Корея Қозоғистонга киритган бевосита инвестиция ҳажми рекорд даражага - 541 миллион долларга етди. Ҳозирги пайтда Қозоғистондаги тоғ-металлургия мажмуаси, автомобилсозлик, фармацевтика, тиббиёт ва энергетика соҳаларида 200 дан зиёд корейс компанияси ишлаб турибди.

ЧОЙ ЕН САМ, КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Президентни инаугурация билан табриклайман, Қосимўмарт Тўқаев раҳбарлигида Қозоғистон тараққиётнинг навбатдаги босқичига ўтишига ишонаман. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик транспорт, қурилиш ва инфратузилмалар, энергетика ва минерал захиралар, шунингдек, IT, электрон соғлиқни сақлаш, ақлли қишлоқ хўжалиги ва яшил энергетика соҳаларида ривожланмоқда. Янги Қозоғистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ислоҳотлар тўла ва муваффақиятли ўтишини, мамлакат янада равнақ топишини тилайман.

Қозоғистон байрами тантанали нишонланди. Концерт дастури ташкил қилинди, Корея опера ижрочилари Қозоғистон давлат мадҳиясини куйлади. Меҳмонларга қозоқ миллий таомлари тақдим этилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси