МДҲ давлатлари билан товар айланмаси 11 фоизга ўсди

МДҲ давлатлари билан товар айланмаси 11 фоизга ўсди

Жорий йилнинг 10 ойи давомида Қозоғистоннинг МДҲ давлатлари билан товар айланмаси 11 фоизга ўсди ва салкам 30 миллиард долларга етди. Қосим-Жўмарт Тўқаев бирлашмага аъзо давлатлар норасмий учрашувида таъкидлаганидек, минтақа ичидаги савдо суръатларини сақлаб қолиш, иқтисодий сиёсатни замонавий мавжудликка мослаштириш зарур. Давлат раҳбари МДҲ давлатлари раҳбарларига қатор долзарб муаммоларни ҳал этишни таклиф қилди. Шулардан биринчиси -  тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф қилиш. Бундан ташқари, МДҲ ҳудудида транспорт-логистика лойиҳалари самарадорлигини ошириш учун янги механизм ва форматлардан фойдаланиш керак. Бунда «Қозоғистон-Туркманистон-Эрон» темир йўли транспорт артерияси вазифасини бажарувчи «Шимол-Жануб» халқаро йўлаги муҳим аҳамиятга эга. Қосим-Жўмарт Тўқаев хавфсизлик  йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигига урғу берди. Қозоғистон раислик қилган муддатда қабул қилинган 2023-2025 йилларда терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик дастури муҳим аҳамиятга эга. Таъкидлаш лозимки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги етакчиларининг норасмий йиғилишида Қозоғистон Президенти билан бирга Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон етакчилари, Арманистон Бош вазири қатнашди.

Абдумалик Сарманов таржимаси