Қ.Тўқаевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида 22 млрд долларлик қийматга эга элликка яқин ҳужжат имзоланди

Қ.Тўқаевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида 22 млрд долларлик қийматга эга элликка яқин ҳужжат имзоланди

Президент нефть-газ секторини икки тарафлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири деб атади. Хусусан, нефть экспортини ошириш учун Қозоғистон-Хитой нефтепроводининг ўтказиш қобилиятини кенгайтириш режа қилинмоқда.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

 - Кун тартибида амалдаги нефтепроводлар - Атирау–Кенқияқ ва КенқияқҚумкўл қувурлари ўтказиш қувватини ошириш масаласи бор. Нефть маҳсулотларига эҳтиёж ортгани билан боғлиқ ҳолда, Чимкент нефтни қайта ишлаш  заводининг ишлаб чиқариш қувватини йилига 6 миллион тоннадан 12 миллион тоннагача ошириш мўлжалланган. Биз анча вақтдан бери  CNPC корпорацияси билан биргаликда бу соҳада муваффақиятли иш олиб боряпмиз. Газни қайта ишлаш қувватини ошириш ва газ-транспорт тизимини кенгайтиришни Қозоғистон учун истиқболли йўналиш сифатида кўрамиз. Шу маънода, Бейнеу–Бозой–Чимкент магистраль газ ўтказиш тармоғининг иккинчи бўлагини ишга тушириш ўта муҳим. Бундан ташқари, Қашаған конида қуввати йилига 4 миллиард кубометр бўлган газни қайта ишлаш заводи барпо этилишидан манфаатдормиз.

Президент хитойлик тадбиркорларга қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги инвестициявий имкониятларни кўриб чиқишни таклиф қилди. Давлат мазкур соҳадаги лойиҳаларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди. Зеро, Қозоғистон ўз олдига 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш мақсадини қўйган. Дарвоқе, қайта ишлаш секторида иш бошловчилар ҳам кўмак олиши мумкин.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистонда қайта ишлаш секторини равнақ топтириш учун қулай иқлим вужудга келтирилган. Жумладан,   «Саноат сиёсати тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Алюминий, мис ва рух учун маҳаллий корхоналарга имтиёзли нархлар белгиланган, бу    Лондон металл биржасидаги нархлардан 5 фоиз арзон.  Қолаверса,  ички бозор эҳтиёжини тўла таъминлаш мақсадида, мазкур металлар экспортини тартибга солиш режа қилинган.

Товар айланмасини 40 миллиард долларга етказишда мамлакатларга электрон тижорат салоҳияти ёрдамга келади. Зеро,  онлайн савдо Қозоғистон ва Хитой ишлаб чиқарувчилари маҳсулотини янада кенгроқ майдон – халқаро бозорда илгари суришга замин ҳозирлайди, дея уқтирди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Бу йўналишда илк қадамлар қўйилган, бугун Президент машҳур электрон платформа - JD.сom да Қозоғистон Миллий павильонини очиб берди.