«Қулагер» спектакли - Москвада

«Қулагер» спектакли - Москвада

Ғабит Мусрепов номли давлат болалар ва ёшлар академик театрида тайёрланган бу асар режиссёр Фархат Мўлдағалининг Россия пойтахтида намойиш этилган дастлабки спектакли бўлди. Асар қозоқ адабиётининг машҳур намояндаси  Иляс Жансуғуров қаламига мансуб ҳофиз ва бахиллар туфайли жон берган унинг севимли оти – Қулагер тўғрисидаги достон асосида яратилган. Театр санъати мухлислари жамоа маҳоратини юқори баҳолади.

Виолетта Орлова, Москва шаҳридан:

–   Жуда самимий, юракка кириб борадиган асар. Қозоқ тилида бўлгани ҳам жуда яхши, қўшиқлар матнини ҳам таржима қилишмаганидан хурсандман, унинг мазмунини ҳис этишга муваффақ бўлдим. Москваликлар, россияликлар доим ҳам бошқа маданиятлардан баҳра олавермайди. Чехов фестивали каби ришталар орамизда кўприк барпо этади. Бу жуда муҳим.

Таъкидлаш лозимки, спектакль Чехов номли XVI халқаро театр фестивали доирасида намойиш қилинди. Тадбир олти ой – майдан октябргача давом этади. Унинг дастуридан Москва, Воронеж ва Екатеринбургда ўтказиладиган классик спектакллар, туркум мастер-класслар, фотокўргазмалар ўрин олган.

Фархат Мўлдағали, режиссёр:

– Бу фестиваль – халқаро даражадаги тадбир. Қозоғистон мустақилликка эришганидан буён илк марта унда иштирок этяпмиз. Барчамиз учун яхши имконият. Биз қўйган «Қулагер» спектакли миллий фольклор, миллий анъаналар, миллий ўзига хосликка асосланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси