Эксперт: Коронавируснинг янги штаммлари кўпайиши мумкин

Эксперт: Коронавируснинг янги штаммлари кўпайиши мумкин

Коронавируснинг янги штаммлари кўпайиши мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг штатдан ташқари бош болалар инфекционисти Динагул Баешева маълум қилди. Унинг фикрича, мутациялар микроорганизмлар ҳаётининг ўзига хослиги билан изоҳланади. Масалан, гриппда ҳам шу ҳолат кузатилади. Шифокор эмлашга қарши кўрсатмаси бўлмаганларни вакцина олишга чақирди. Айниқса, сурункали хасталиклари бўлган аҳоли вакиллари эмлаш олиши шарт. Айни пайтда қозоғистонликлар уч турдаги – QazVac, Sinopharm ва Pfizer вакциналаридан фойдаланиши мумкин. Эслатамиз, Қозоғистонда бугунги кунда омикрон штаммининг ВА5 тури фаол тарқалишда давом этмоқда. Касаллик енгил кечади, бироқ ўта юқумли. Симптомлари шамоллашга ўхшайди: томоқ қичиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик ва ҳарорат ошиши.

Динагул Баешева, соғлиқни сақлаш вазирлигининг штатдан ташқари бош болалар инфекционисти:

 - Ҳозирда янги штаммлар пайдо бўляпти. Мисол учун, стелс-омикрон, BA4 ва BA5, AB1 ва AB2, кентавр турлари мавжуд. Яъни улар кўп. Ва келгусида янада кўпайиши мумкин. Агар вакцина олсангиз, касаллик юқадими? Ҳа, хасталаниш мумкин. Чунки қарши эмлаш олинган штаммни юқтирасиз. Аммо, шунга қарамай, организмда антитанача сақланади. У коронавирус турларига қарши кураша олади.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.