Қозоғистонда устун ҳужайралар асосида гидрогель тайёрланди

Қозоғистонда устун ҳужайралар асосида гидрогель тайёрланди

Қозоғистон олимларидан ажойиб ноу-хау: устун ҳужайралардан гидрогель. Бу аралашма тизза кўзи тоғай ва суяк тўқималарини жарроҳлик амалиётисиз даволаш имконини беради. Ишланма муаллифлари таъкидлашича, бу иш жуда ўзига хос. Тиббиётчилар биопсия қилади, бемор устун ҳужайраларини олади. Сўнгра уларни етарлича миқдорда кўпайтириш учун олимларга топширади. Масалан, икки миллилитр гель учун 20 миллион ҳужайра керак.

Вячеслав Огай, профессор:

- Биз дупложект аппликация тизими аралашмаси яратиш учун улардан фойдаланамиз. Биринчи пробиркага биринчи полимер киритилади, иккинчи пробиркага - иккинчиси. Уларнинг ҳаммаси инвитро, яъни пробирка ичида тадқиқ этилди. Сўнгра турли жониворларда тоғай дефектини моделлаштирдик. Буларнинг ҳаммаси клиникагача бўлган синовлар эди. Бу ишлар учун биз 8 гуруҳда ишладик. Тажриба йўли билан энг муқобил комбинацияни аниқладик. Яъни, бўғим тоғайини тикловчи гидрогель таркиби белгилаб олинди.

Жиддий муаммолар бўлмаган тақдирда беморнинг жинси ва ёши бўйича чекловлар йўқ, дейди олимлар. Кимёвий таркиби туфайли гидрогель дори-дармонларнинг чиқарилишини назорат қилади. Айни вақтда у аллергия бермайди. Ҳозир тайёр препарат кўнгиллиларда клиник синовдан ўтмоқда.

Ерлан Раманқулов, Биотехнологиялар миллий маркази бош директори:

- 3 йил ичида биз устун ҳужайралар тоғай эрозияси туфайли юзага келган дефектларни даволашда етарлича самарали эканлигини исботлашга муваффақ бўлдик. Муаммо қанчалик мураккаблигига қараб, 3-6 ой ичида тиклай оламиз. Бу иш билан ҳозирги кунда жарроҳлар шуғулланади. Ҳозир врачлар 100 кишилик кўнгиллилар гуруҳи тузиш ва уларда синов ўтказиш ниятида.

Жорий йил ёзига бориб дастлабки натижалар чиқиши кутиляпти. Олимлар бошқа бўғимлар учун ҳам гидрогеллар яратиш ниятида.

Абдумалик Сарманов таржимаси