Central Asia Nobel Fest: таълим трендлари

Central Asia Nobel Fest: таълим трендлари

3,5 миллиард одам рақамли таълим билан қамраб олинади. ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти ўз олдига шундай амбицияли мақсад қўйган. Central Asia Nobel Fest фестивали давомида таълим масалалари бўйича глобал дастур раҳбари пандемия мазкур соҳага қандай таъсир кўрсатгани ҳақида ҳикоя қилди. Унинг айтишича, карантин чоралари туфайли бир ярим миллиард бола мактабга қатнаш имкониятидан маҳрум бўлган. Саккиз юз миллион нафари учун эса бу муаммо долзарблигича қолмоқда. Эксперт айтишича, бунда ижобий жиҳатлар ҳам бор. Ушбу муаммо туфайли таълим тизимини қайта кўриб чиқиш ва келажак сари илгарилаш учун янги имкониятлар вужудга келди. Соҳада рақамли технологияларни ва инновацияларни жорий этиш шунга хизмат қилади.

Роберт Женкинс, ЮНИСЕФнинг Таълим бўйича глобал дастури раҳбари:

- Биз кўзда тутган рақамли таълим асосий хизматлар базасининг бир қисмига айланади, таълимда инқилоб яратади. Жаҳон миқёсидаги таълим болалар эҳтиёжига мосланган ва у қаерда яшашидан қатъи назар, асосий кўникмаларни ўзлаштиришига, ҳар бир ўқувчи асосий талабларга жавоб берадиган, илғор, рақамли билимларни ривожлантириш имконига эга бўлиши учун хизмат қилади. Бу уларнинг келажакдаги хизмат фаолиятида зарур. Рақамли таълимнинг бош қуроллари ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос жиҳатларига мослаштирилади. Ҳозир ҳукумат раҳбарлари бу ғояни қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.

Эслатамиз, Фан ҳафталиги доирасида ташкил қилинган фестивалда иқтисодиёт, таълим ва инновациялар бўйича жаҳоннинг 50 нафар етакчи эксперти сўзга чиқади. Улар орасида 8 нафар Нобель мукофоти билан, 9 та «Юксак ютуқлари учун» унвони билан тақдирланганлар бор. Жорий йилда онлайн шаклда ўтаётган тадбирда 20 минг тингловчи қатнашяпти. Ютуб орқали барча хоҳловчилар мунозараларда қатнаша олади.

Абдумалик Сарманов таржимаси