Сурия бўйича халқаро музокара 7-8 июль кунлари бўлиб ўтади

Сурия бўйича халқаро музокара 7-8 июль кунлари бўлиб ўтади

Қозоғистонда яна Сурия масаласи бўйича юксак даражадаги халқаро музокаралар бўлиб ўтади. Тадбир жорий йилнинг 7-8 июль кунларига мўлжалланган. Бу ҳисоб бўйича Астана форматидаги 16-учрашув, унда кафил-давлатлар иштирок этади. Улар орасида Эрон, Россия ва Туркия, шунингдек, Сурия ҳукумати ва маҳаллий ҳарбий оппозиция бор. БМТ, Иордания, Ливан ҳамда Ироқ вакиллари кузатувчи сифатида таклиф қилинган.

Кун тартибидан қуйидаги масалалар жой олган: Сурия «ери»даги вазият, хусусан, ижтимоий-иқтисодий ва санитарик-эпидемиологик вазият; Сурияга халқаро гуманитар кўмак; Женевадаги Сурия Конституциявий қўмитаси фаолиятини тиклаш истиқболлари; асирларни алмашиш, гаровдагиларни озод қилиш ва бедарак йўқолганларни қидиришда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чоралари.

Таъкидлаймиз, музокараларнинг илк кунида кафил-давлатларнинг икки тарафлама ва уч томонлама консультациялари, Сурия томони билан музокара, кузатувчилар билан алоқалар ташкил этилади. Муҳокама кейинги куни ҳам давом этади, шунингдек, пленар-йиғилиш ҳам ўтказилади. Бундан ташқари, Астана форматидаги 16-учрашув майдончасида Мажбуран ушлаб турилганлар масаласи бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтиши режа қилинган. Унда БМТ ҳамда Халқаро Қизил хоч қўмитаси вакиллари иштирок этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси