Марказий Осиёда ҳамкорлик кенгаймоқда

Марказий Осиёда ҳамкорлик кенгаймоқда

Ўзаро савдо ҳажми ортиши кўзда тутилган. Шу кунларда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон ўртасида товар айланмаси 16 миллиард долларга етди. Экспертлар фикрича, улар салоҳияти тўла очилганича йўқ. Янги кооперация нуқталарини излаш лозим.

Замир Қаражанов, сиёсатшунос:

- Ташқи дунёда ўзаро геосиёсий кураш кетяпти, санкциялар қўлланмоқда. Геосиёсий таваккаллар жаҳон иқтисодиёти, жаҳон савдосига таъсир қилиши мумкинлигини унутмаслик керак. Бугунги кунда фақат минтақа ичидаги вазият барқарорлигича қоляпти. Минтақада алоқаларни қанчалик яхши йўлга қўя олсак – шунчалик яхши яшаймиз. Агар давлатлар ўртасида товар айланмасини кенгайтиришга, инвестицияни кўпайтиришга эриша олсак, иқтисодий ўсиш меваларини кўра оламиз. 

Масалан, Қозоғистон ва Туркманистон яқин келажакда кўрсаткичларни 1 миллиард долларга оширишни режалаштирган. Қирғизистон билан товар айланмаси ҳам икки марта ортади. Ҳозир Қозоғистон бизнеси Ўзбекистон бозорига чиқяпти. Қўшни республикага буғдой, ун, картошка ва гўшт етказиб берилмоқда. Асосан автомобиллар ва текстиль импорт қилинади. Мамлакат қурувчи компанияларидан бири Тошкентда уй-жой мажмуаси, бошқаси йирик транспорт-логистика терминали қуряпти. Экспертлар фикрича, Марказий Осиёда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун барча захиралар бор. Бу эса маҳаллий иқтисодиётни минтақавий ҳамкорлик орқали ривожлантириш имконини беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси