Қосим-Жўмарт Тўқаев: Қозоғистон зилзила бўлган ҳудудда ижтимоий объект барпо этишга тайёр

Қосим-Жўмарт Тўқаев: Қозоғистон зилзила бўлган ҳудудда ижтимоий объект барпо этишга тайёр

Бу ҳақда Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида маълум қилди. Давлат раҳбари халқаро ҳамжамиятнинг кўмак кўрсатишдаги куч-ғайратини юқори баҳолади ва Ташкилотга аъзо давлатлар волонтёрларини жорий йилда Астанада бўлиб ўтадиган ихтисослашган форумга таклиф қилди. Қозоғистон Президенти, шунингдек, табиий ва техноген ҳалокатлар борган сари ўткир халқаро муаммога айланиб бораётганини таъкидлади. Давлатлар фавқулодда вазиятларда тезкор чора кўриш салоҳиятини мустаҳкамлаши зарур.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

Табиий офатларнинг олдини олишда барча кучларни бирлаштириш зарур. Туркияда рўй берган зилзила бу каби хатарларга доимо тайёр туриш кераклигини кўрсатди. Шу боис, Ташкилот доирасида фавқулодда вазиятлар бўйича органларимизнинг биргаликдаги кучларини тузишни таклиф қиламан. Ушбу тузилмани Алматидаги Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар хавфини камайтириш маркази базасида ташкил этса бўлади. Мазкур марказ  2016 йилда Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари томонидан очилган. Бирлашган кучларга табиий офатлардан жабрланган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ташкилотнинг Фуқаро муҳофазаси котибияти мақомини беришни мақсадга мувофиқ деб биламан. Бу тузилма доирасида халқаро тадбирлар, жумладан, қутқарувчиларни ўқитиш ва малакасини ошириш курслари ташкил этилади.

Саммит якунларига кўра, бир нечта ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти навбатдан ташқари саммитининг  Анқара декларацияси, Фуқаро мудофааси механизмини яратиш тўғрисида қарор, шунингдек, Туркий давлатлар инвестиция фондини яратиш бўйича келишув имзоланди.

Абдумалик Сарманов таржимаси