Қосим-Жўмарт Тўқаев Наврўз тантаналарида иштирок этди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Наврўз тантаналарида иштирок этди

Президент қозоғистонликларни табриклаб, қадим замонлардан бери аждодларимиз баҳор келиши ва янги йил бошланишининг рамзи ҳисобланган ушбу кунни байрам қилишини таъкидлади. Наврўз фаровонлик ва яратувчанликни ўзида мужассамлаштирган айём. Президент мазкур куннинг ўзига хос анъаналарига алоҳида тўхталиб ўтди, шу куни одамлар кўчат ўтқазган, ҳудудларни ободонлаштирган, кекса авлод вакиллари ёшларга эзгу тилакларини билдирган. Бугунги кунда ҳам, дея уқтирди Давлат раҳбари, Наврўз халқни бирлаштиради, бирдамлик, яқинларга ғамхўрлик қилиш, ҳурмат, юртпарварлик каби бутун мамлакат учун умумий бўлган қадриятларни ўзида акс эттиради. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимизнинг бугунги ютуқларига ҳам алоҳида тўхталди. Бир йил ичида респбуликамизда барча соҳаларда кенг миқёсли модернизация муваффақият билан амалга оширилди. Ҳукумат тизимини янгилашга йўналтирилган жиддий сиёсий қадамлар қўйилди. Эндиликда асосий мақсад – адолатли Қозоғистонни барпо этишга эришиш учун жамиятда тотувлик ва бирдамликни сақлаш муҳим.

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Яқиндагина Мажилис ва маслихатларга сайловлар бўлиб ўтди, бу биз кўзлаган барча ислоҳотларни илгари суришда жиддий қадам бўлди. Мазкур сайловлар кенг миқёсли ўзгаришларнинг муносиб давомидир. Бошқача айтганда, мамлакатимизнинг сиёсий ривожида янги давр бошланди. Ушбу тарихий жараён Наврўз байрами билан бир вақтга тўғри келгани рамзий маънога эга. Янги Қозоғистоннинг бугунги қиёфаси баҳорий байрам руҳияти ва табиатига тўла мос келади. Улуғ айём кунларида юртимиз янгидан чирой очди. Тўлалигича янгиланган сиёсий тизим давлатимиз тараққиётига катта туртки беради. Амалга оширилган ислоҳотлар иқтисодий ўсишга, аҳоли даромадлари кўпайишига йўл очади. Ислоҳотлар узлуксиз давом этади. Биз ҳар жиҳатдан ривожланган ва қудратли давлатга айланамиз. Бу бизнинг асосий мақсадимиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.