Тожикистон ЖХШТ дан ёрдам сўради

Тожикистон ЖХШТ дан ёрдам сўради

Расмий Душанбе Қозоғистон аъзо бўлган Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилотидан жанубий чегараларни мудофаа қилиш учун ёрдам сўради. Тожикистоннинг ташкилот қошидаги доимий вакили Ҳасан Султонов таъкидлашича, «Афғонистонга ёндашган чегараларнинг баъзи қисмлари чиқиш қийин бўлган тоғли ҳудудларда, шунинг учун мамлакат ёлғиз ўзи уларни қўриқлашни уддалай олиши қийин». Чегараларни мустаҳкамлаш учун ҳукумат камида 20 минг аскарни сафарбар этиши зарур. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва минтақада хавфсизликни таъминлаш учун иттифоқчиларини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.

Сергей Лавров, Россия ташқи ишлар вазири:

- Биз Афғонистонда юзага келган вазиятни диққат билан кузатяпмиз. Вазият, шу жумладан, ўн йиллар давомида вазиятни барқарорлаштириш юзасидан сезиларли натижаларга эриша олмаган АҚШ ва бошқа НАТО давлатлари қўшинлари шошилинч олиб чиқилаётгани сабабли, кескин ёмонлашуви эҳтимоли ортмоқда.

Шу билан бирга, қозоғистонлик сиёсатшунос Султан Акимбеков таъкидлашича, ЖХШТ юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар юзасидан режага эга. Кўп сонли қочоқлар бўлиши ёки ҳар қандай бошқача жанговар фаоллик ҳисобга олинган.

Султан Акимбеков, сиёсатшунос:

- Бизнинг йўналишимизда, жумладан, террор йўналишида бўлган кичик гуруҳлар кириб келиши мумкин. Уларни Тожикистон, Ўзбекистон ва ушбу давлатлар ҳудудида бўлган Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилоти кучлари бартараф эта олади. Шунинг учун Қозоғистон кучларини бу мамлакатларга йўллаш зарурати йўқ.

Абдумалик Сарманов таржимаси