Сеулда «Ядросиз дунё» кўргазмаси бўлиб ўтади

Сеулда «Ядросиз дунё» кўргазмаси бўлиб ўтади

«Ядросиз дунё». Икки муҳим сана - Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги ва Семипалатинск ядро полигони ёпилганининг 30 йиллигига бағишлаб, Сеулда ташкил этилган фотокўргазма шундай номланган. Экспозицияда фотосуратлар ва тарихий ҳужжатларни ўрганиш мумкин. Меҳмонлар қозоқ мусиқасини тинглаш, республика ҳақида инглиз ва корейс тилларида ёзилган тўпламларни олиш имконига ҳам эга бўлади. Бу ерда замонавий Қозоғистонга оид фотосуратлар ҳам жамланган. Кўргазма Биринчи Президент Кутубхонаси кўмагида мамлакатимизнинг Кореядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган. Умуман, корейслар учун Қозоғистоннинг ядро қуролидан воз кечиш тажрибаси қизиқарли, шу боис, тадбир жуда гавжум бўлди. Бундай қарорни Жанубий кореялик сиёсатчилар кўп йиллардан бери қўшни давлат – Шимолий Кореядан кутади. Ядровий таҳдид бир неча ўн йилдан бери сақланиб келяпти.

Пан Ги Мун, БМТ бош котиби (2007-2016):

- Ўшанда мен полигонда, ноль нуқтада туриб, ядро қуролига эга давлатлар ядросиз дунё яратиш учун барча саъй-ҳаракатни амалга ошириши мумкинлигини эълон қилгандим. Қозоғистон Биринчи Президентининг бу мероси мангу яшайди. Эътироф белгиси сифатида, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йил декабрь ойида 29 август Халқаро Ядровий синовларга қарши кураш куни сифатида эътироф этилган.

Ли Джон Гук:

- Ядровий қуролсизланишга бағишланган фотосуратлар кўргазмаси корейслар учун катта маъно касб этади. Кореянинг барча фуқароси қуролсизланишни қаттиқ истайди. Қозоғистон ядро қуролидан воз кечганини биз жуда яхши тушунамиз ва бу қарорни ҳурмат қиламиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси