Орол денгизи тубида саксовул экиш давом этмоқда

Орол денгизи тубида саксовул экиш давом этмоқда

Или-Балхаш резерватидан 14 ярим тонна саксовул уруғи Қизил Ўрда вилоятига юборилади. Бу уруғлар Алмати вилоятидаги миллий парк ва қўриқхоналар мутахассислари томонидан йиғилган. Саксовул уруғи Оролнинг қуриган тубига экилади. Бу грунтни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё минтақасига зарар етказаётган «туз бўрони» хуружини камайтириш учун зарур. Саксовул экиш мўлжалланаётган майдон йириклигини ҳисобга олган ҳолда, олимларимиз авиациядан фойдаланишни таклиф қилди. Уруғлар махсус жиҳозланган самолётлар ёрдамида денгиз узра сочилади. Саксовул уруғини экиш «Казавиалесоохран» зиммасига юклатилган. Бу ишга жами бўлиб, АН-24 типидаги 4 та самолёт ажратилиши кўзланган. Аэроэкиш тадбири декабрь бошларига мўлжалланди.

Ғани Туриқбаев, Соҳа мутахассиси:

– Уруғ йиғиладиган участка аниқлаб олингач, намуна олинади ва ўрганиш учун махсус лабораторияга жўнатилади. Ўша ерда биринчи, иккинчи, учинчи навларга ажратилади, экишга яроқлилиги аниқланади.

Леонид Сидоренко, Алмати ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот олами терринспекцияси бўлим бошлиғи:

- Уруғ тўплаш қийин. Кўрганингиздек, махсус ишланган мослама осиб қўйилади. Саксовул эгилиб, силкитилади. Уруғни тозалаш ҳам мураккаб жараён.

Таъкидлаймиз, саксовул уруғини экиш ишлари мамлакат ҳудудини кўкаламзорлаштириш дастури доирасида ўтказилмоқда, бу ҳақда президент Қосим-Жўмарт Тўқаев айтиб ўтганди. Тўрт йилдан кейин Қозоғистонда 2 миллиард дарахт ўтқазилиши кўзланган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси