Чиқиндига муносабатда замонавий IT-ёндашувлар

Қозоғистонда жорий йил бошидан бери 16 миллиард тоннадан кўпроқ чиқинди тўпланган. Дарвоқе, мазкур ҳажмга радиоактив чиқиндилар, техноген минерал жисмлар ва турли жинслар кирмайди. Атроф-муҳит ахборот-таҳлилий маркази маълумотларига кўра, давлат кадастрида 13,5 миллиард тонна хавфсиз, 2,8 тонна хавфли чиқинди ҳисобга олинган. Бироқ санкция берилмаган ахлатхоналар мавжудлигини ҳисобга олсак, ҳақиқий манзара буткул бошқача бўлиши мумкин.

Жанат Самат, «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ахборот-таҳлилий маркази» бош директори:

- 2020 йилда бутун мамлакат бўйлаб, 8 мингдан зиёдроқ санкция берилмаган чиқиндихона бўлиб, уларнинг 40 фоизи Ақмўла, Қарағанди, Шарқий Қозоғистон вилоятларида. Бу ўсиб борувчи муаммо, буни маҳаллий экология бошқармалари ва жамоатчилик рейдлари, илғор айти-технологиялар воситасида кўриш мумкин.

Пойтахтда шундай айти-технология - қурилиш чиқиндилари утилизациясини рақамли назорат қилиш тизимидан фойдаланилмоқда. Нур-Султонда бугунги кунда майдони 800 квадрат километрдан зиёд ҳудуд рақамлаштирилган. Рақамли харита тармоқ, йўллар, топография, аэрография, яшил иҳота ва чиқинди полигонларидан иборат. Унинг ёрдамида хавфли ахлатхоналар устидан назорат ва мониторинг олиб бориш мумкин.

Жанат Самат, «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ахборот-таҳлилий маркази» бош директори:

- Янги экологик кодекс жорий этилгач, чиқинди классификатори бугунги кунда барча турдаги ахлатни қамраб олади, шунингдек, янги замонавий айти-ечимлар қўлланиши натижасида, космомониторинг кўмагида бу муаммони юқори даражада еча оламиз, деб ўйлайман.

Жанат Самат айтишича, чиқинди муаммосини ҳал этишни кейинги қолдириб бўлмайди, чиқинди утилизациясини рақамли назорат қилиш тизимини мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида жорий этиш лозим.

Хуршида Абдуллаева таржимаси