Туризм соҳасида субсидия ажратилиб, харажатлар қопланади

Туризм соҳасида субсидия ажратилиб, харажатлар қопланади

Шимолий Қозоғистон вилоятида яна 15 та йил бўйи ишлайдиган дам олиш базаси барпо этилади. Бу масканлар Имантау-Шалқар курорт зонасида очилади. Эслатамиз, ҳозирда улар сони 6 та. Дарвоқе, Қозоғистонда туризмни ривожлантириш учун жорий йил январидан бошлаб, давлат кўмагининг янги чора-тадбирлари кучга кирди. Туристик фаолият объектларини қуриш, реконструкция қилишни режа қилган тадбиркорларга субсидиялар кўзда тутилган. Харажатларнинг бир қисми қопланишига оид аризалар 1 мартга қадар қабул қилинади ва жорий йилда барпо этилган объектларга тақсимланади.

Данияр Исаев, вилоят тадбиркорлар бошқармаси раҳбар ўринбосари:

- Бу туризм объектларини қуриш ва реконструкция қилиш харажатларининг бир қисмини, экспертиза хулосасида кўрсатилган сарфнинг 10 фоизигача субсидиялаш, дегани. Иккинчиси - туризм учун автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун харажатларнинг 25 фоизи қопланиши, учинчиси - йўл бўйида хизмат кўрсатиш объектларини қуриш харажатларининг 10 фоизи тўланиши, тўртинчиси - санитария-гигиена иншоотларини таъминлаш харажатларининг бир қисмини ойига 83 минг 300 тенге миқдорида субсидиялаш.

Басима Сарманова таржимаси