Минтақаларида тошқин эҳтимоли сақланиб қолмоқда

Минтақаларида тошқин эҳтимоли сақланиб қолмоқда

Қозоғистоннинг қатор вилоятларида ҳамон тошқин хавфи сақланиб қолмоқда. Ақтўбе минтақасида эриган қор сувлари қишлоқларга оқмаслиги учун қутқарувчилар қум солинган қоплардан тўғон барпо этяпти. Уил, Орь ва  Иргиз дарёларида сув сатҳи кўтарилган. Йўлларни сув олиб кетгани сабабли Уил ва Қобди туманларида учта аҳоли манзилгоҳи билан алоқа узилган. Ақтўбе шаҳрида 9 та дала ҳовлини сув босган. 114 нафар одам эвакуация пунктларида қолган. Кўчалар ва ҳовлилар сувдан тозаланяпти.

Қумар Турмағамбетов, фавқулодда вазиятлар департаменти бошқарма бошлиғи:

- Сўнгги 5-6 кун давомида ҳаво ҳарорати мусбат. Бу ҳудудларда ҳам, юқорида ҳам кеча-ю кундуз ҳарорат юқорилигича қоляпти. Қор жадал эрий бошлаши аниқ. Ҳар бир дарёнинг ўзига хос даражада хавфли тўйиниши эҳтимоли ҳисобга олинган. Ҳозирча ўта кескин даражага етмади. Сув ўзани оқиб келаётган сувни тўлиқ сиғдиради.

Мутахассислар таъкидлашича, минтақада сўнгги беш йил ичида бу қадар кўп сув оқмаган. Ўтган йилларда бу ердаги учта йирик сув омбори ярмигача ҳам тўлмаган. Жорий йилда ҳаммаси бошқача. Сазди сув омбори деярли бутунлай тўлди. Бу эса маҳаллий миришкорларни хурсанд қилди.

Айни вақтда, Шимолий Қозоғистон вилоятида тошқинга қарши турли чора-тадбирлар кўриляпти. Ғабит Мусрепов туманида муз тиқилиб қолмаслиги учун портлаш ишлари амалга оширилмоқда. Минтақадаги Ақанбурлиқ ва Шариқ дарёларида сув сатҳи бир неча метрга кўтарилган.

Санат Муқашев, фавқулодда вазиятлар туман бўлими бошлиғи:

- Уч жойда портлаш ишлари амалга оширилди. Бу ишни қилмаганимизда, сув сатҳи кескин кўтарилиб кетиш эҳтимоли бўлгани учун дарёлар соҳилидаги қишлоқларни сув босиши мумкин.

Шунга қарамай, 11 та аҳоли манзилида тошқин юз бериш эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Шунингдек, далаларда эриган қор суви ҳам уларга зарар етказиши мумкин. Сарикўл посёлкаси яқинидаги ўтган йили қурилиши бошланган кўприк хавф остида.

Нурлан Туребеков, туман ҳокими ўринбосари:

- Мана бу далалардан оқиб келган қор сувлари тайёрлаб қўйилган тепаликларни ювиб кетиши мумкин. Натижада, биздаги икки қишлоқ, Тахтаброд ва Кримбет қишлоқ округлари туман марказидан ажралиб қолади.

Мамлакатнинг барча минтақаларида қутқарувчилардан иборат мобиль гуруҳлар ишлаяпти, улар тошқин хавфи йўқолмагунича жойларда қолади.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.