Волонтёрлик фаолияти тўғрисида қонунга ўзгаришлар киритилади

Волонтёрлик фаолияти тўғрисида қонунга ўзгаришлар киритилади

Волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчи қозоғистонликлар фуқаролик хизматига киришида устунликлар кўзда тутилади. Ҳайвонлар учун бошпана, хайрия ташкилотлари давлат ёрдамини олиши мумкин. Масалан, имтиёзли шартлар асосида коммунал мулкдан фойдаланиши мумкин. Шундай ўзгаришлар Волонтёрлик фаолияти, хайрия ва нодавлат ташкилотлар тўғрисида республика қонунчилигида ўз аксини топади. Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда нотиқлар таъкидлашича, янги меъёрлар доирасида бу соҳаларда фахрий унвонлар бериш кўзда тутилган. Бизнес вакиллари, волонтёрлар, нотижорат ва хайрия ташкилотлари уларга номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Хайрия ташкилотлари ҳар йили камида бир марта эришган мақсадлари, даромад ва харажатлари хусусида ҳисобот топшириши зарур. Маълумотлар сайтлар ёки оммавий ахборот воситаларида чоп этилади. Президент 4 июлда имзолаган, қатор ўзгаришлар киритилган қонун сентябрь ойидан кучга киради.

Вера Ким, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

- Мазкур қонун лойиҳасини Қозоғистон Республикаси Ҳукумати номидан Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги тақдим этганди, депутатлар ва нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ишчи гуруҳларнинг 22 та йиғилишини ўтказдик. Бизнинг гуруҳ фаолиятида ҳам волонтёрлар, хайрия ташкилотлари, экспертлар ҳам қатнашди. Биз учун барча фикрларни ўрганиш, жўяли таклифларни, самара берувчи ўзгаришларни қонун лойиҳасига дарҳол қўшиб бориш жуда зарур эди. Мазкур қонун лойиҳалари тегишли йўналишларни энг юксак даражадаги стандартлар асосида ривожлантириш ва уларнинг фаол тараққий этишига туртки бериш ниятида ишлаб чиқилди.

 

 Абдумалик Сарманов таржимаси.