Туризм соҳаси ривожланиб бормоқда

Туризм соҳаси ривожланиб бормоқда

Ёзги туристик мавсум ниҳоясига етди. Жорий йилда кўплаб қозоғистонликлар мамлакат ичидаги диққатга сазовор жойларда, курортларда дам олишни маъқул кўргани аниқланди. Экспертлар таъқидлашича, икки йилдан буён ички туризм жадал ўсишда давом этяпти. Ёзги мавсум натижалари ҳисобланаяпган бир вақтда аналитиклар дастлабки ойлар тўғрисида маълумот берди. Йилнинг биринчи чорагида маҳаллий масканларда хизмат кўрсатилган туристлар сони 120 фоизга ошди. Жами бир миллион нафардан зиёд одам саёҳатга чиқди.  26 миллиард тенге қийматга эга хизмат кўрсатилди, бу эса 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга кўп. Хорижликлар ҳам рекорд даражада ташриф буюрди.

Ернур Кенжебеков, Kazakh Tourism расмий вакили:

- е-конак тизими берган маълумотга кўра 1 январдан 31 майгача, ёзги мавсум арафасида мамлакатга 100 мингдан зиёд одам келган, 1 июндан 20 августгача эса 125 минг одам ташриф буюргани қайд этилди. Лекин унутмаслик керакки, тизим барча масканларни ҳам қамраб ололмайди. 30 фоизи четда қолиб кетади. Шунинг учун бу рақамларни 1,5-2 мартага кўпайтириб ҳисоблашимиз зарур.

Статистикага кўра, туристлар учун энг мақбул локациялар Алмати шаҳри ва вилоятида жойлашган. Тоғ кластерига ярим йил давомида 350 мингдан кўп саёҳатчи ташриф буюрган.  2  мартадан юқори ўсиш кузатилган. Шаҳарга эса йилнинг биринчи ойлари давомида 320 минг турист келди, уларнинг бешдан бир қисмини хорижликлар ташкил қилади. Экспертлар таъкидлашича, минтақанинг туристик ҳудудлар ва маҳсулотлар бўйича пешқадамлиги бунга сабаб бўлган.

Ернур Кенжебеков, Kazakh Tourism расмий вакили:

- Узоқ хориждан келганлар, айниқса араблар тоғларни, Алмати ва Алмати тоғ кластерини маъқул кўради. Пляжларда эса кўпроқ ички туристлар ҳамда россияликлар дам олади. Жорий йилда Туркистонга келаётган меҳмонлар сони кескин ортди. Манғистауда ҳам саёҳатчилар кўп. Чунки пляжлари мукаммал. Нур-Султон ва Боровое ҳам жуда гавжум.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.