Қозоғистонда Президент сайлови бўлиб ўтади

Қозоғистонда Президент сайлови бўлиб ўтади
kazlenta.kz

Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда тўла масштабли сайлов жараёнини бошлаб берди. Бугундан президентликка номзодлар илгари сурилади. Қатъий тартиб белгиланган. У сайловчилардан имзо йиғишни, шунингдек, юқори лавозим учун даъвогарларни қайси ташкилотлар илгари суриши мумкинлиги ҳақидаги регламентни ўз ичига олган. Сайлов тўғрисидаги қонунга мувофиқ, қозоғистонликлар ўз номзодини мустақил равишда таклиф қила олмайди.

Ўразғали Селтеев, сиёсатшунос, Евроосиё интеграцияси  институти директори:

- Номзодлар фақатгина бирор бир республика ижтимоий бирлашмаси томонидан илгари сурилиши мумкин. Бу, шу жумладан, партиялар ҳам бўлиши мумкин. Аммо бизда бошқалари ҳам бор. Юридик шахслар бирлашмаси ҳисобланадиган «Атамекен» палатаси мавжуд. Қозоғистон фуқаролик альянси бор. Бирор турдаги касаба уюшмалари бор. Яъни бирлашмалар кўп, улар ўз аҳамияти билан ноҳукумат ташкилотлар саналади. Шу боис, республика миқёсида бўлмоғи лозим.

Сайлов бадали тўлангани, мувофиқлик текширилганидан сўнг орадан бир ой ўтгач, МСК Давлат раҳбари лавозимига номзодлар исми-шарифини расман эълон қилади.

Президентликка кимлар номзод бўла олади? 

Қозоғистон Республикаси Конституциясига кўра, Давлат раҳбари лавозимига фақатгина ёши 40 дан кичик бўлмаган республика фуқаролари даъвогарлик қилиши мумкин. У давлат тилида эркин гапира олиши, олий маълумотга ва давлат хизматида беш йиллик тажрибага  эга бўлиши шарт. Номзод сўнгги 15 йилда мамлакатда яшаган бўлиши керак. Лекин сўнгги пунктда истисно мавжуд.

Индира Аубакирова, Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси:

- Чет элда бўлган ва давлатнинг ҳар қандай кўрсатмаларини бажарадиган шахслар аслида Қозоғистон номидан иш олиб боради. Хорижда Қозоғистон халқи номидан, ва албатта, бундай ҳолатлар учун истисно кўзда тутилган. Яъни бошқача айтганда, уларнинг чет элдалиги вақтинчалик характерга эга. Чунки улар бизнинг юрт фуқароси ва ваколатли шахс сифатида у ерда доимий яшайди. Агар ушбу тартибга солувчи талабни жорий этишдан мақсадни тушунишга ҳаракат қилсак, давлатнинг биринчи шахси мақомининг ўзи бунга мажбур қилиши аён бўлади, яъни бу мамлакат манфаатларини изчил ҳимоя қилиши ва бошқа давлатлар манфаатлари таъсирига боғлиқ бўлиши эҳтимол хавфларни минималлаштириши керак.

Мазкур барча талаблар “Сайлов тўғрисида”ги конституциявий қонунда акс эттирилган. У, шунингдек,  фуқаро президентликка номзодини қўйиши мумкин бўлмаган бандларни ўз ичига олади. Даъвогарлар сонига келсак, қонунда бунга чеклов йўқ. Агар рўйхатга олиш муддати тугагунга қадар икки нафардан кам номзод кўрсатилган бўлса, МСК номзод кўрсатиш муддатини 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтиради. Бунда даъвогарлар овоз бериш санасидан икки кун олдин исталган вақтда ўз номзодини қайтариб олиши мумкин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.