Қарағандилик уста экоидишлар ясайди

Қарағандилик уста экоидишлар ясайди

Рўзғор ашёлари миллий услубда ва анъанавий технологияларда. Қарағанди вилоятида яшовчи ҳунарманд Ақжўл Журтибай ёғоч идиш-товоқ ҳамда жиҳоз ясаш билан шуғулланади. Уларни қозоқча орнаментлар билан безайди. 26 ёшли устанинг айтишича, бу иқтидор унга бобосидан ўтган. Ақжўл ихтисослиги бўйича тоғ-кон мутахассиси саналиб, университет дипломига эга бўлса-да, ўзи севган иш билан шуғулланишни афзал кўрган.

Ақжўл Журтибай, уста:

- Ҳозирда битта товоқни 3-4 соат ичида ясаш мумкин. Тўғри, дастгоҳ шарофати билан. Агар қўлда ясалса, иш 2-3 кун вақт олади. Идиш ясашда тол ва қайин, жиҳоз ясашда қарағай ёғочини ишлатаман. Игнабаргли дарахтлардан идиш ясаш мумкин эмас, чунки улар ўзидан смола чиқаради. Кувиларни қайиндан ясайман.

Мисол учун, қимиз қилиш учун махсус идиш – куви ясаш бутун бошли технология бўлиб, ичимлик сифатига таъсир қилади. Идиш яхлит ёғочдан ҳам, халқалар билан бириктирилган энсиз тахтачалардан ҳам ясалади. Бия сутидаги ўзига хос ҳидни йўқотиш учун идишга қайин пўстлоғи ёки ялпиз тутуни билан ишлов берилади.

Қуатбек Байжуманов, қарқарали шаҳридан:

- У ишлаган маҳсулотлар нафақат чиройли, сифатли ҳамдир. Масалан, Ақжўл ясаган 70 литрли кувини хўжалигимда ишлатиб келяпман. Бизда қозоқ турмуш ашёларини ясайдиган шундай усталар борлиги кишини қувонтиради.

Ёш уста ўз хусусий брендини яратишни ўйлаяпти. Келажакда миллий маҳсулотлар сотиладиган дўкон очиш орзусида.

Абдумалик Сарманов таржимаси