Қозоғистон-Туркия KazSat йўлдоши бўйича ҳамкорлик қилади

Қозоғистон-Туркия космик технологияларни жорий этиш борасида ҳамкорлик қилиш ниятида. Хусусан, томонлар KazSat 3 йўлдошини KazSat 3R йўлдошига алмаштиришга оид лойиҳа доирасида шериклик қилишни режалаштирмоқда. Республика рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин Туркияда Мудофаа саноати агентлиги ва TurkishAerospace вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув якунлари ҳақида маълум қилди. У таъкидлаганидек, Қозоғистон туркиялик космик техника ишлаб чиқарувчиларнинг шу йўналишда тўпланган кўп йиллик тажрибасидан манфаатдор. Бундан ташқари, KazSat 3 фойдаланишдан чиқарилгунига қадар замонавийроқ сунъий йўлдош яратиш зарурати ҳам бор. Бу алоқа ва телерадиоузатув хизмати узлуксиз кўрсатилишини таъминлаш имконини беради. Техник ҳужжатлаштириш ва охирги ҳисоб-китоблар февралга қадар тахт бўлиши лозим.

Багдат Мусин, Қозоғистон Республикаси рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:

- TurkishAerospace авиация ва космик соҳада дунёнинг энг йирик мудофаа компаниялари 100 талигига киришини ҳисобга олсак, ўнлаб йўлдош чиқарган ҳамкасбларимиз тажрибаси биз учун фойдали бўлади. Умид қиламанки, бизда ҳам йўлдош ишлаб чиқариш саноати шундай даражага кўтарила олади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.