Жамбилда шамол электр станцияси ишга туширилди

Жамбилда шамол электр станцияси ишга туширилди

Қозоғистонда яна бир шамол электр станцияси ишга туширилди. 9 миллиард тенге қийматга эга инвестициявий лойиҳа Жамбил вилоятидаги Қаратау тоғ тизмаси яқинида. Унда 15 та турбина мавжуд, ҳар бирининг баландлиги 75 метр. Улардан бир нечтасида созлаш ишлари давом этяпти. Объект умумий қуввати 4,5 мегаватт. Электр энергияси умумий тақсимот тармоқларига уланган. Келажакда объект кенгайтирилади ва унга қўшимча турбиналар ишга тушади. Минтақада умумий 450 мегаватт қувватга эга 18 та қайта тикланувчи энергия объекти бор. Бу эса мамлакатдаги мавжуд муқобил энергия объектларининг 20 фоизини ташкил қилади.

Евгений Ни, электрослесарь:

- Созлаш, ишга тушириш билан бандмиз. Сўнг фойдаланишга топширамиз. Бу жараёндан ўтгач, турбина дарҳол электр энергияси бера бошлайди. Ҳаммаси шамолга боғлиқ. Ҳозир у анча кучли, шамол электр станцияси етарли даражада қувват беряпти.

Ауданбек Таусаров, талас тумани тадбиркорлик бўлими бошлиғи:

- Тез орада 3 турдаги электр станция ишга тушади. Ҳар биридан йилига 70-80 миллион тенге даромад тушади.

Шу кунгача Қозоғистонда 134 та қайта тикланувчи энергия манбаи объекти ишга тушди. Умумий қуввати - 2300 МВт. 2022 йилнинг 9 ойи давомида муқобил манбаларда ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми салкам 4 миллиард кВт/соатни ташкил қилди. Бу эса 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга кўп. Қайта тикланувчи энергия манбаи объектлари улуши 4,6 фоизни ташкил қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси