Ҳукуматда миграция сиёсати концепцияси тақдим этилди

Ҳукуматда миграция сиёсати концепцияси тақдим этилди

Мамлакатга тақчил ихтисосликлар бўйича энг яхши мутахассисларни жалб этиш. Хориждаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Меҳнат мигрантларини ҳисобга олишни яхшилаш. Миграция сиёсати концепцияси - «Очиқ Қозоғистон 500+»да шу масалалар кўзда тутилган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Тамара Дуйсенова 2023-2027 йилларга мўлжалланган ҳужжатни тақдим этди. Мавзуни мухбиримиз давом эттиради.

Қозоғистонда «инвестор визаси» жорий этилиши кутилмоқда. Мамлакат иқтисодиётига камида уч юз минг доллар киритган мигрантлар шундай ҳужжат олиши мумкин. Яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни олгач, у бизнес бошлаши, мулкка эгалик қилиши, ишчи олиши, пул ўтказиш ва бошқа ишларни эркин амалга ошириши мумкин. «Қимматли малакалар визаси» ҳам мамлакатда яшаш ҳуқуқини беради. У Қозоғистон учун тақчил мутахассисларни жалб этишни кўзда тутади. Ўз ишининг устаси бўлган 100 нафар хорижлик бу имкониятдан фойдаланиши мумкин.

ТАМАРА ДУЙСЕНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРИ:

- Асосий мақсад улар ўз билимини тақдим этиши ва мутахассисларимизга иш ўргатиши ҳисобланади. Бунинг учун «Қимматли малакалар визаси» жорий этилади. Бу эса яшаш ҳуқуқини беради. Қимматли малакалар рейтинги мунтазам янгиланиб туради. Тақчил касблар, ихтисосликлар бу рейтингда мунтазам тўлдирилиб борилади.

Концепцияда этник миграция масаласи ҳам кўзда тутилган. Вазирлик «Ата жўли» деб аталган махсус карта жорий этишни таклиф қиляпти. У бошқа давлат фуқароси бўлган этник қозоқларга берилади. Лекин бу одамлар ўз мамлакатида муваффақиятли бизнес-кейсларга эга, уларни Қозоғистонда ҳам ривожлантиришни истаган юқори малакали профессионаллар бўлиши зарур.

ТАМАРА ДУЙСЕНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРИ:

- Улар 10 йиллик соддалаштирилган виза ва Қозоғистонда иш юритиш ҳуқуқини олади. Уларнинг тарихий ватани тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳар йили ўтказиладиган «Париз» танловида Президент мукофоти билан рағбатлантирилиши кўзда тутилган. Иккинчи масала – кўчиб келаётган қондошлар миграциясини тартибга келтириш. Мамлакатдаги демографик ва иқтисодий шароитни ҳисобга олган ҳолда ҳужжат қабул қилиш вақтида бориладиган минтақани белгилаш таклиф этилди.

Мамлакатдан ташқарида ишлаётган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам алоҳида йўналиш бўлади. Бунинг учун қатор халқаро шартномалар тузилиши режа қилинган. У юртимиздан кетган меҳнат мигрантларининг аксарият қисми ишлаётган давлатлар билан тузилади. Шунингдек, концепцияда мигрантлар ҳаракатини ҳисобга олиш учун ягона ахборот тизими яратиш кўзда тутилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси