Қишлоқда бизнес ривож топмоқда

Қишлоқда бизнес ривож топмоқда

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига кўра, келгуси уч йил мобайнида қишлоқ ҳудудлари янада кенг кўламда ривож топади. Давлат раҳбари топшириғини жадал бажараётган минтақалардан бири – Ақтўбе вилояти. Бу ерда «Аул аманати» дастури ишга туширилди. Қишлоқ аҳли бизнесини ривожлантириш учун атиги 2,5 фоиз устама билан имтиёзли қарз олмоқда. Лойиҳа қишлоқда иш ўринлари яратиш, мол ва парранда бошини кўпайтириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.

Мартуқ қишлоғидаги Гореловлар оиласи асалари парваришлаб, сифатли асал  олиш билан шуғулланади. Улар мазкур кичик бизнесни фаол ривожлантирмоқда.  Тадбиркорлар Ақтўбеда иш бошлаган «Аул аманати» лойиҳасида қатнашишни ният қилган.

АЛЕКСАНДР ГОРЕЛОВ, АСАЛАРИЧИ:

- Бу янги иш бошлаганлар учун ҳукумат, раҳбарият томонидан яхши ёрдам. Фикримча, мазкур дастур давр билан ҳамнафас ривожланади. Барча муаммоларни ҳисобга олади. Мен унда қатнашишга қатъий қарор қилдим.

Маблағ тақдим этиш механизми жуда содда: қишлоқ аҳли ўз уйини гаровга қўйган ҳолда имтиёзли қарз олади. Улар учун кредит таътиллари кўзда тутилган, қайтарилган маблағ револьвер усулида янги лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади.

ЕРАЛИ ТУҒЖАНОВ, АҚТЎБЕ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ:

- «Аул аманати» лойиҳасини рўёбга чиқариш қишлоқларда янги иш жойлари яратиш, мол ва парранда кўпайтириш имконини беради. Буларнинг ҳаммаси қишлоқ хўжалиги ривожланиши, қишлоқ аҳли фаровонлиги ошишига хизмат қилади. Шунингдек, ҳар бир туман ва аҳоли манзилгоҳи учун мажмуавий ижтимоий-иқтисодий режа ишлаб чиқилади.

Лойиҳада вилоятнинг 12 туманидаги 24 та қишлоқ округи қатнашади. Иштирокчилар ўз томорқаси билан муассис сифатида кооператив таркибига киради. Бу эса қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиш, хомашёни қайта ишлаш ҳамда маҳсулот сотиш учун 50 фоиз субсидия олиш имкониятини беради. Лойиҳани молиялаштириш учун республика ҳисобидан уч миллиард тенге ажратилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси