Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳияти ошмоқда

Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳияти ошмоқда

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари 26-йиғилишида шундай баёнот берилди. Вазирлар Тошкент шаҳрида тўпланди. Томонлар Жанубий Осиё ва Кавказ, Марказий Осиё ва Европани ўзаро боғловчи, Қозоғистон муҳим кесишув нуқтаси бўлган йўлакларни жадал ривожлантириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

Хусрав Нозирий, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби:

- Қозоғистон-Туркманистон-Эрон йўлагини тижоратлаштириш, Истамбул-Теҳрон-Истамбул юк поездини ишга тушириш, Қирғизистон-Тожикистон-Афғонистон-Эрон йўлагини фойдаланишга топшириш зарур.   

Бугунги кунда ташкилотга 10 та давлат, Қозоғистондан ташқари Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркия, Эрон  ва Туркманистон  аъзо. Шарқий қисми охирги икки давлатни биз билан боғловчи «Шимол-Жануб» темирйўл йўлаги томонлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради. Ушбу йўналишда ўтган йили Қозоғистон ва Туркманистон ҳудудидан 130 минг тонна юк олиб ўтилди.  Лекин ушбу йўналиш орқали бундан бир неча юз марта кўп юк етказиб бериш мумкин.

Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси  ташқи ишлар вазири:

- Юксак рақамларга эришишимиз учун инфратузилмаларни яхшилашимиз, ўтказиш имкониятини оширишимиз керак. Маъмурий тўсиқларни олиб ташлаб, юк ташувчиларга қулайлик яратиш зарур. Янги йўналишлар ишга тушиши охир-оқибат вақт ва харажатларни камайтиради. 2022 йилда Шимол-Жануб йўлаги йўл харитаси, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши йўл харитаси имзоланганидан мамнунмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.