«Бўлашақ» дастури доирасида «500 олим» лойиҳаси рўёбга чиқарилади

«Бўлашақ» дастури доирасида «500 олим» лойиҳаси рўёбга чиқарилади

«Бўлашақ» дастури доирасида жаҳоннинг илғор илмий марказларида стажировкадан ўтган қозоғистонликларнинг биринчи гуруҳи махсус сертификат олди. Таъкидлаш лозимки, 2021 йилда лойиҳа доирасида 416 нафар қозоғистонлик ишланма муаллифи етакчи халқаро илмий институтларга йўлланган, шундан 156 нафари АҚШда янги билимлар ва тажриба орттириб қайтган.

Алибек Идирисули, биотиббиёт маркази раҳбари:

- Афсуски, ҳозирча мамлакатимизда чоп этилган илмий нашрлар рейтинги жуда паст. Вазиятни ўзгартириш учун Scopus, web of science ва Google Scholar маълумотлар базасидаги қозоғистонлик олимлар ишларини ўрганиб чиқдим. Таҳлил қилдим ва аниқ таклифлар тайёрладим. Бундан ташқари, стажировка вақтида халқаро журналларда имкон қадар кўпроқ мақола чоп этишга интилдим ва 13 та ишим эълон қилинди.

Наужан Дидарбекова, Миллий тестлаш маркази директори ўринбосари:

- Ишонаманки, бу ерда олинган билим ва тажрибамизни ватанимизда рўёбга чиқарамиз. 

Эслатамиз, Давлат раҳбари тегишли вазирликларга ҳар йили камида 500 олим жаҳоннинг етакчи тадқиқот марказларида республика бюджети ҳисобидан малака оширишини таъминлашни топширган. Бунинг учун устувор йўналишлар қаторига 130 та ихтисослик киритилган. Улар орасида «Вирусология», «Яшил инновациялар», «Сув захиралари ва сувдан фойдаланиш», «Наноматериаллар ва нанотехнологиялар» бор.

Абдумалик Сарманов таржимаси