Фан ва технологик сиёсат тўғрисида қонун ишлаб чиқилади

Бош вазир Алихан Смаилов тегишли вазирликка Парламентга қонун лойиҳаси олиб киришни топширди. Ҳужжатда илмий тадқиқотлар самарадорлигини, келтирадиган иқтисодий фойдани оширишга хизмат қилувчи чора-тадбирлар кўрсатилиши лозим. Сўнгги икки йил давомида фан соҳасига киритилаётган маблағ салкам икки марта ошди ва жамият бу соҳада аниқ ўзгаришларни кўриш, иқтисодга янги технологиялар олиб келинишини кутишга ҳақли. Бош вазир таъкидлашича, энг аввало илмий ташкилотлар ҳамда корхоналарнинг тиғиз ҳамкорлигини йўлга қўйиш даркор. Ўзаро мулоқот майдончалари ва механизмларини созлаш, мамлакатнинг етакчи олий таълим даргоҳлари ва йирик корхоналарида ихтисослашган инжиниринг марказлари, технопарклар барпо этиш зарур. Буларнинг ҳаммаси илмий фаолият натижаларини тижорийлаштириш ва фаннинг Қозоғистон иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси ортишига олиб келади, деди Бош вазир.

Алихан Смаилов, Премьер-Министр РК

- Шунингдек, энг истиқболли илмий йўналишларда тажриба-конструкторлик ишлари улушини ошириш зарур. Атом ва водород энергетикаси, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, биотехнология, биохавфсизлик, нейрофан шундай йўналишларга киради. Фаннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун Парламент билан бирга хусусий инвестициялар учун енгилликлар бериш керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси