Астанада Mario Cucinella architects кўргазмаси ўтказиляпти

Астанада Mario Cucinella architects кўргазмаси ўтказиляпти

Астанада таниқли итальян меъмори Марио Кучинелла асарлари намойиш этила бошланди. Унда хорижлик лойиҳалаштирувчининг муаллифлик ишлари макетлари ва фотостендлар қўйилди. Асарларда экологик барқарорликка алоҳида эътибор қаратилган. Ижодкор фикрича, замонавий мегаполисларда, шу жумладан, кўп қаватли бинолар қуришда, бусиз иш тутиш имкони йўқ. Меъмор таъкидлашича, Астанадаги «Нур Алем» биноси муваффақиятли ечимлар намунаси бўла олади. Ўзига хос павильонда барқарор энергия манбаларига доир рўёбга чиқарилган технологиялар ва лойиҳалар намойиш қилинган. Мазкур кўргазма «QazExpoCongress» миллий компанияси ёрдамида Италиянинг Қозоғистондаги элчихонаси томонидан ташкил қилинди. У 10 июнгача очиқ бўлади.

Марио Кучинелла, меъмор /Италия/:

- Мамлакатингизда кўргазма ўтказганимдан мамнунман. Чунки Қозоғистон дунёнинг кўп давлатлари каби, ўз пойтахтини барқарор тараққиёт тамойилларига мос шаклда бунёд этишга интиляпти. Ёш авлод, айниқса, бошловчи меъморлар учун бу жуда муҳим. Улар биноларни ва шаҳарларни лойиҳалашнинг янги усулларини ўзлаштириши зарур. Мен келажакни бунёд этишда барқарор ривожланиш асосий ўрин тутади, деб ҳисоблайман. Бу тамойилларга риоя этган ҳолда биз иншоотларни табиат билан уйғун шаклда қуришимиз керак. Бу келгуси 30 эмас, 100 йил давомида инсоният қаршисида турган асосий вазифа.

Абдумалик Сарманов таржимаси