
Наврўз байрами туризмга туртки беради
Миллий ўйинлар, театр постановкалари, концертлар, кўчаларда байрам сайллари. Қозоғистонда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби, Наврўз байрами кенг кўламда нишонланади. Кўплаб юртдошлар баҳорги тенгкунликни нишонлаш учун саёҳатларга чиқишни маъқул кўради. Шу кунлар мактаб каникулларига тўғри келиши ҳам аҳоли учун айни муддао бўлди. Соҳа экспертлари Наврўзда қайси жозибали туристик йўналишларни танлаш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилишди.
Ернур Кенжебеков, Kazakh tourism миллий компанияси ҲЖ матбуот котиби:
- Кўпчилик январь ойидан бошлаб Наврўзни нишонлашга тайёргарлик кўра бошлади. Илиқ кунларни қозоғистонликлар жанубий минтақаларда – муқаддас шаҳар Туркистонда, Чимкент, Алмати шаҳарларида ўтказишга интилади. Шунингдек, Ақтау йўналиши ҳам сўнгги даврда кўплаб юртдошларимизни ўзига тортяпти, чунки унда юқори даражали жиҳозланган, йил давомида ишлайдиган курорт бор, байрам ўзига хос нишонланади. Бу даврда жанубий, жанубий-шарқий ва ғарбий йўналишлар жозибадор.
Экспертлар таъкидлашича, республиканинг тилга олинган минтақаларида тўлақонли туристик мавсум бошланади. Қуёшли ва очиқ кунлар, гастрономик турлар, кутилмаган ва сирли табиат манзилларига қизиқарли экскурсиялар қозоғистонликларни ҳам, хорижликларни ҳам ўзига тортади.
Ернур Кенжебеков, Kazakh tourism миллий компанияси ҲЖ матбуот котиби:
- Турлар камида 3-4 кунга брон қилиняпти, Бойқўнғирга ҳам боришни истовчилар кўп. Шарқий Қозоғистоон туроператорлари айнан шу шаҳарга тур уюштиришни сўрашяпти. Йўналишлар сони кўпи, мазмундор. Туризм сектори жонланяпти, туризм бизнеси оёққа туряпти. Шунингдек, Кидс Гоу Фри давлат дастуридан ҳам тўлақонли фойдаланиш мумкин. Фақат туроператор орқали саёҳатларга йўлланма олиш керак.
Абдумалик Сарманов таржимаси.