Қозоғистонда Наврўз кенг нишонланмоқда

Қозоғистонда Наврўз кенг нишонланмоқда

Бу ерда ҳақиқий этно-овул вужудга келтирилган, ташкилотчилар томонидан каттагина байрам дастури ҳам тайёрланган. Санъаткорлар чиқишларидан ташқари, миллий спорт турлари бўйича беллашувлар ҳам ўтказилди.

Турли давлатлардан келган меҳмонлар ҳам қозоғистонликлар билан бирга Наврўз байрамини нишонлаяпти. Кўпчилик шу кунларда атайлаб Чимкентга боради. Бу ерда баҳор келишига алоҳида тайёргарлик кўрилган. Икки юздан кўпроқ ўтов тикилган янги этно-овул барпо этилган. Маҳаллий аҳоли ва хорижлик меҳмонлар миллий таомлардан татиб кўриши, қозоқ халқи ўтмишига назар ташлаши мумкин. Бундан ташқари, шаҳарда илк маротаба «Қозоқларнинг катта ўйини» фестивали ўтказилмоқда.

МАҚСАТ ОСПАН, ЧАВАНДОЗ /ҚИРҒИЗИСТОН/:

- Тулпорларимизни келтирдик. Ғолиб бўламиз, деган умиддамиз. Албатта, рақобат кучли. Бу ерга келганимиздан мамнунмиз, ҳаммага ёқади. Байрам яхши ўтяпти, руҳимиз баланд. Ипподром жуда қулай, бу ерда чиқиш завқ бағишлайди.

Қизил Ўрда вилоятида Наврўз байрами тантаналарида гўдакнинг илк қадамини қутлаш маросими – тусаукесу ташкил қилинди. Энг кўҳна қозоқ анъаналаридан бири бўлган бу удумга бугунги кунда ҳам қатъий амал қилинади. Маросимда 85 нафар бола иштирок этди.

ГУЛЖАН АХМЕТОВА, ЁШ ОНА:

– 84 нафар гўдак орасида менинг фарзандим ҳам мазкур ажойиб маросимда иштирок этди. Тушов кесар одати баҳорий айём – Наврўзда ўтказилганидан жуда хурсандман.

Талдиқўрғанда эса Наврўз тантаналари чоғида буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевга аталган ёдгорлик очилди. Тагсупа билан бирга олинганида умумий баландлиги 9 метрга яқин бўлган ушбу ҳайкал шаҳар драма театри ёнидаги майдонга ўрнатилди. Тадбирда жамоат вакиллари, шоир авлодлари иштирок этди. Йиғилганлар эътиборига Мухтор Авезовнинг «Абай йўли» романи асосида тайёрланган театрлаштирилган томоша тақдим этилди.

ҚУСМАН БЕРЛЕШОВ, ҚЎНОНБОЙ АВЛОДИ:

– Бобомиз Абайнинг «Қора сўзлар» асари биз учун йўлчи юлдуз. Бу ҳар биримиз учун ўзига хос йўл кўрсатувчидир. Бу ерда ўрнатилган ҳайкал нафақат биз, авлодлар, Жетису минтақасининг барча аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга.

Ақтўбе вилоятида баҳорий янгиланиш айёмига атаб, кўҳна рецепт асосида 200 литр Наврўз гўжа тайёрланди. Катта авлод вакиллари айтганидек, бу овқатдан тўйиб-тўйиб ичиш керак, шунда йил омадли бўлади ва бутун хонадонга барака келтиради.

- Барчани бу ажойиб байрам билан табриклайман. Ҳаммага бахт, соғлиқ, Қозоғистонимизга равнақ ҳамда осуда осмон тилайман.

Абдумалик Сарманов таржимаси.