Қозоғистонлик кутубхоначилар Туркияда таълим олади

Қозоғистонлик кутубхоначилар Туркияда таълим олади

Қозоғистонлик мутахассислар Туркия Миллий кутубхонасида, Анқара шаҳрида касбий малакасини оширади. Таълим жараёнида улар кутубхонани рақамлаштириш, жамғармалар маълумот базасини яратиш, қадимий ва ноёб фолиантларни реставрация қилиш ҳамда сақлашни ўрганади.   

Нурбек Бўрамбаев, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги қўмитаси бошқарма бош эксперти:

– Таълим даврида турк кутубхоналари мутахассислари билан тажриба алмашиш режалаштирилган. Шунингдек, кутубхоначиларимиз рақамлаштириш, ноёб нашрлар жамғармаси билан ишлашни ўрганади. Мутахассислар турк кутубхоналари электрон базасини, рақамлаш жараёнларини кўриб чиқади. Илмий тавсифлаш, кутубхонада нашриётлар билан ишлаш, менежмент, маркетинг ва ходимларни бошқариш бўйича билим олади.

Кутубхоначилар хорижга илм олиш учун йўл олаётган маданият соҳасидаги ягона касб эгалари эмас. Таълим жараёни мунтазам йўлга қўйилган. Аввалроқ музей, қўриқхона, мусиқа ва драма театрлари ходимлари ҳам хорижликлар билан тажриба алмашганди.

Абдумалик Сарманов таржимаси