2024 йилдан бошлаб, бармоқ излари паспортга туширилади

2024 йилдан бошлаб, бармоқ излари паспортга туширилади

Лекин мавжуд ҳужжатларни ўзгартириш шарт эмас. Чунки қонун кучга киргунига қадар берилган ҳужжатлар яроқлилик муддати тўлгунича амал қилади. Мамлакат Ички ишлар вазирлигида таъкидлангани сингари, аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида дактилоскопик регистрация бепул амалга оширилади ва 10 дақиқадан кўп вақт олмайди. Фақат қозоғистонликлардан эмас, хорижликлар, шу билан бирга, фуқаролиги бўлмаган шахслардан ҳам бармоқ излари олинади. Улар микросхемага киритилади.

Айгул Қанлибаева, Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги қўмитасининг алоҳида топшириқлар бўйича катта инспектори:

- Жисмоний нуқсонларга эга бўлган, яъни ҳар иккала қўлининг бармоқлари йўқ ёки бармоқ учларида капиляр излар бўлмаган шахслар дактилоскопик регистрациядан озод қилинади. Дактилоскопик регистрация бир маротаба ўтказилади. Жароҳат,  яра ва бошқа сабаб туфайли ушбу жараён дастлабки босқичда бажарилмаган ҳолларда қайта ўтказилиши мумкин. Биометрик ҳужжатлар биометрик идентификация яратиш ва уни тизимга киритиш, ҳужжатларни сохталаштиришдан ҳимоялаш, террористик таҳдид кучайган шароитда хавфсизлик чораларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш имконини беради.

Таъкидлаймиз, олдинроқ Ички ишлар вазирлигида ҳужжатларни расмийлаштириш қоидалари янгиланган. Эндиликда шахсий гувоҳномага  исм, фамилия, ота исми; туғилган вақт ва жой; жинс; ҳужжат берилган вақт ва унинг рақами, амал қилиш муддати; эгасининг имзоси; СТИР ва бармоқ излари туширилади. Миллатни эса хоҳишга кўра кўрсатиш мумкин.

Хуршида Абдуллаева таржимаси