Қозоғистон парвоз хавфсизлиги бўйича МДҲда пешқадам

Қозоғистон парвоз хавфсизлиги бўйича МДҲда пешқадам

Республика Европанинг Дания, Польша каби давлатлари билан бир поғонада турибди. Астанада бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Марат Қарабаев маълум қилишича, Қозоғистоннинг авиатранзит салоҳияти ортмоқда. Ўтган йили 410 мингта самолётга хизмат кўрсатилган. 2021 йилга нисбатан 90 фоизлик ўсишга эришилган.

Марат Қарабаев, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:

- Хавфсизлик даражасини мунтазам ошириб бориш учун 2019 йилда Европа модели асосида фуқаро авиацияси тизими ислоҳ қилинди. Қозоғистон Авиация маъмурияти тузилди, қонунчилик даражасида унга фуқаро авиацияси соҳасида назорат функциялари берилди. Ташкилот тузилганидан буён ўтган давр мобайнида 934 та текширув ва сертификация ўтказди, парвоз қилишга рухсат берувчи 1500 та ҳужжат иақдим этилган.

Вазир таъкидлашича, фуқаро авиацияси мунтазам ўсишда давом этяпти. Ўтган йили авиақатновчилар аввалги йилга нисбатан 17 фоиз кўп - жами 11 миллион йўловчининг узоғини яқин қилган. Қозоғистон халқаро авиайўналишлар тармоғини кенгайтирмоқда. 27 та давлатга 103 та рейс йўлга қўйилган.  Жорий йилда яна 9 та янги авиайўналиш очилади.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

-  2025 йилда 17 та шаҳар, жумладан, Нью-Йорк, Женева, Сингапур, Вена, Парижга рейслар ташкил қилинади. Халқаро йўналишлар ортиб бориши мамлакатнинг жаҳон миқёсида савдо-иқтисодий, инвестициявий, туристик ва маданий ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси